– Энди нима қиламиз, болам? Низомнинг дилида ҳам бу савол аллақачон уйғонган эди. Жони жисмини сирқиратиб турарди. Дарҳақиқат, энди нима қилишади?! Буви, невара ҳаётларимизни ўнглайлик, деб нима иш бошлашса, бир ишкали чиқади. Эрта-индин бу кўчатларнинг эгаси келади. Келишилган ҳосилни сўрайди. Ишни унгача олиб бормай, узрини айтиб, пулни қайтариш керак.
Низом чой дамлаб бувисига ичирди.
– Буви, сиз хижолат бўлманг. Бир нарса қилармиз… Низом бувисини ишонтириш учун имкон қадар қатъийроқ овозда гапирарди. Аммо ичида: «Нима қиламан?» деб ўйларди.
– Рисолнинг товуқларини сотишни ўйлама, болам. У шўрликнинг ҳам ўғли суннатга яраяпти. Ниманидир режалаштираётгандир… Бизнинг аҳволимиз бу бўлса… – Ҳе, товуқлари билан! – Низом хунук сўкинди. * * * – Мана, буви, олинг-да, тезроқ ўша помидор эгасига бериб қутилинг! Бошқа бунақа таваккал қилманг! Умуман мана шу ерингиз устидан қарз кўтарманг!
Каромат ая бир олдига қўйилган пулларга, бир пешанасида тер ялтираб турган неварасига қаради. «Қаердан олдинг?» Аммо саволи ичида қолди. Бўғзидан чиқмади. Низомнинг бундай саволга тоқати йўқ эканлиги юз-кўзларидан кўриниб турарди. У ўрнидан туриб, тиззасига шапатилади:
– Буви, эшитдингиз-а, тезда пулни олиб бориб беринг, ҳозироқ!
Каромат ая ўрнидан турди… Борди. Деҳқончиликка умид боғлаган одамдан анча қаттиқ-қуруқ гаплар эшитди. Узр-маъзурлар, таваллолардан сўнг уйига қайтар экан, кўксидаги юк заррача енгиллашмаётганини ҳис этарди. «Қутилдим, бу бир фалокат, ўтиб кетди, энди етти ўлчаб, бир кесиб иш қиламан», деса ҳам кўксидаги оғриқ шундайича турарди. Аслида бу оғриқ бугун тонгда эмас, анча илгарироқ бошланган эди. Каромат ая турмушларини ўнглаш учун ўзини ўтга-чўққа урар, эл қатори яшашни орзу қиларди. Бу ер машмашаси чиқмасидан аввал маҳалладаги аёлларга қўшилиб ҳафтада бир бор Қўқонга қатнай бошлади. Аёллар ўзларига доимий хизмат қиладиган «Дамас»га чиқишиб, ярим тунда Қўқон бозорга жўнашар, улгуржи бозордан ул, бул харид қилиб, ғира-ширада қишлоққа қайтишарди. Каромат ая ҳам Низомнинг кузда у фермерда ўн, бу фермерда ўн беш кун ишлаб топган беш-ўн сўмга пайпоқ, калиш, хуллас, қишлоқда сотиладиган буюмларни харид қилиб келарди. Иши юришаётганидан кўнгли кўтарилиб юрган кунлар эди. Ўзича қизидан ёдгор болаларига у қиламан, бу қиламан, деб режалаштираётган эди. Катта КамАЗ машинасида сочиқ сотилаётган экан, бир жуфтдан. «Қиз узатадиганлар олади», дея бир жуфтига пул берди. Олганидаёқ пакет қўлига салмоқлироқ тегди. Аммо «Дамас»га келгунча югуриб келди. Орқага ўтириб, секин пакетга қўл суқди. Иккита эмас, тўртта сочиқ… Қайта-қайта қўл юборди. «Олиб бориб бериш керак, улар ҳам ўзимга ўхшаб, тирикчилик кўйида юрган одамлар…» деди бир хаёли. Бошқа бир овоз эса: «Нима, ўзлари хато қилишди-ку, мен сўраб олдимми ё ўғирладимми?» деб уни изига қайтарди. Хуллас, иккинчи овоз устун келди-да, бир жуфт сочиқни олиб уйга қайтди. Олиб келган нарсаларини сотди, тузуккина фойда қилди. Низомнинг феъл-атворини билгани учун пулларини бир жойга қўймас, у ёқдан бу ёққа олиб, бекитиб юрарди. Янги калишчалардан бирини Рисолатнинг қизчасига асраб қўйганди. Пулларини шу калишнинг тумшуғига бекитган эди. Бирдан харидор топилиб қолди. Очкўзлик қилиб калишни сотди. Хаёл ўлгур … панд бериб… пул ичида кетибди. Чиққан эди ўзига тўқ қўшниси тан олмади:
– Адашгандирсиз, эсингизда йўқдир, бошқа жойга қўйгандирсиз… – деди. Каромат ая ичидан зил кетди. Низомга ҳам «чурқ» этиб оғиз очолмади. Шу билан Каромат аянинг «тижорат»чилик фаолияти ниҳоясига етган эди…
Каромат ая ҳозир Низом олиб келган пулни бериб қайтар экан, яна ўша воқеани эслади. «Наҳот, иккитагина сочиқ учун қайта-қайта тўлов тўлайверсам?! Наҳот, бугунги кўнгилсизлик ҳам шу икки сочиқнинг тўлови?!» Каромат ая бир алфозда судралиб, уйга кириб, энди ўзини сўрига ташлаган эди, эшик занжири шиқирлади. Юраги ҳаприқди.
– Ки-им?
– Мен, аяжон! … Нодира нима қилиб юрибди? Яна ниманидир ялиниб олиб чиққан бўлса керак…
– Балки, ўзингизнинг арзандангиз олгандир, сўраб кўрдингизми? Ака-укаларингизнинг болалари уйингизни бозор қилиб юришади. Балки, ўшалар…
Нодира Каромат аянинг гапини кесди:
– Уйимизга Низомдан бошқа ҳеч ким кирган эмас. Қолаверса, бир пул сўраб кирганида укангиз унинг кўз ўнгида пул турадиган жойдан олиб берган экан. Мен яхшиликча…
Каромат ая тобора жазавага тушиб борарди. Бу аслида ўзига қарши ўзининг исёни эди.
– Э, аяжон-ей, мен сизни билмайманми, мелиса неварангизни қамаса, «Бойларнинг дастидан дод. Кучи етим неварамга етди», деб маҳаллани бошингизга кўтарасиз. Қўйинг-ей, Сизни тупа-тузук аёл деб кирсам…
Нодира қандай кирган бўлса, шундай чиқиб кетди.
«Ҳа, мен шунақаман! Тақдир мени шунақа қилиб қўйган! Ҳаммага ўхшаб яшайман, дейман-у… яна бир балога гирифтор бўлавераман!»
Каромат ая ўзини ургудай бўларди?! Низом-ей, келиб-келиб шу қўшниларининг пулига қўл чўзибдими? Ахир, бир одам меҳр кўрсатса, бир одам уларни инсон ўрнида кўриб муомала қилса, у ҳам бўлса, шу Нодира эди-ку. Каромат ая билмасмиди? Биларди.
– Ошқовоқ бераркансиз, ая.
– Бир боғ супурги бераркансиз, ая!
Анваржон ўғлидан каттаси Аброржон ўғли шундай деб чиқарди. Қовоққа ҳам, супургига ҳам икки-уч баҳосини қилиб пул берарди. Аслида Нодира – серуруғ, ака-укалариникида ошқовоғу супурги сероб. У атайлаб шу аёлга бўлсин, дейди. Сутни айтмайсизми? Шу покиза аёл, болаларини чинни-чироқдай кийинтириб қўядиган дўхтир Нодира Каромат аянинг тирриқи сигирининг сутини ичармиди? Йўқ, у фақат сут челакка гуручми, унми тўлдириб қайтириш учун сут сўрайди.
Аввал Низомни кутди. Келса, уришмоқни ўйлади. Аммо нима деб уришади? Қўлида ҳунари йўқ невараси шунча пулни ўзи ясамайди-ку! Бу ёқда сотадиганлари бўлса экан, сотиб тўласа!
* * * Яна тонт ота бошлади. Нодиранинг деразаси чертилди.
– Нодира… қизим?
Ҳалиги йўқолган пулдан умидини узмаган, Анварни ғазабланмасин, деб эрига айтмай турган Нодиранинг юрагида «йилт», этиб умид шамчироғи ёнди, ташқарига чиқди. Каромат ая…
– Аяжон, келинг…
– Нодира қизим, туни билан мижжа қоқмадим. Суякларимгача қақшаб оғриди. Менга ишонмасангиз, Аллоҳнинг китобига ишонарсиз. Низом йигит боши билан роса йиғлади. Ўзимни ўлдираман, деб бошини сўрига урди. Мана, Қуръони карим… Ушлаб, қасам ичаман! Пулингизни биз олмадик!
Каромат ая аста юриб узоқлашди. Унинг йиғлаб бораётгани елкаларидан сезиларди. Нодира оёғи жонсизланиб, деворга суяниб тураркан, бир пайтлар отаси иккови орасида ўтган суҳбатни эслади:
– Дадажон, нега баъзи одамларнинг косаси оқармайди. Ўзлари ёмон одамлар эмас, меҳнатниям қилади, аммо бир муаммодан чиқиб, иккинчисига ботаверади. Масалан, Каромат ая…
– Э, қизим-ей, бу дунёда яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам илдизи бўлади. Шу Кароматхоннинг бобосини қасам урган.
– Қасам? Қанақасига?
– Кечаси бўза ичиб, кайфида пахса ошиб, қўшнининг боғига тушган. Сўрида паридай қизи ухлаб ётган бўлган, номусига теккан… Бувиси бўлган ёнида… қўл-оёғини боғлаб, оғзига латта тиққан… У пайтлар дўхтир, онамиз, деган гаплар йўқ… Буви: «Шу Одилбойга ўхшатдим», деган эртаси. У тан олмаган, Қуръон ушлаб қасам ичган… Шу-шу ўзи қолиб, авлодиниям қасам уриб ётади…
– Ахир, буларда нима гуноҳ? Низом бир чиройли бола. Роса раҳмим келади, – деган эди Нодира.