![](http://listenmp3.ucoz.ru/News/SevgiHikoyalar/Sevgidan_ayrilganlar.jpg)
Грантни ютганидан севиниб кетган Наргиза Мақсудга қўнғироқ қилишга ошиқди. Аммо йигитнинг "Алло”сини эшитиши билан янгиликни учрашгандан кейингина айтишга қарор қилди. "Бунақа хушхабарни телефонда айтиб бўлмайди. Унинг қанчалик қувонишини ўз кўзларим билан кўришим керак», кўнглидан ўтказди қиз Мақсуднинг ҳолатини ўзича тасаввур қилиб. «Ҳа, унинг қувониши аниқ. Иккаламиз ҳам чет элда ўқисак... Келажагимиз порлок бўлади, албатта. Одамнинг нияти холис бўлса, барибир ўйлаганига эришаркан-да. Мақсуд акам ҳам ҳаракатчан, билими кучли. Осон бўлмасди-ку бу ютуққа эришиши...» Наргиза ширин хаёллар оғушида учрашув тайинланган жойга етиб келганини ҳам сезмай қолди. Автобус ойнасидан таниш бекатни кўрди-ю, тушишга ошиқди.
Мақсуд ҳар доимгидек уни хиёбонда кутиб хаёл суриб турган экан. Қизни кўриб чеҳраси ёришди. Илдам юриб ёнига келди.
— Салом! — дея қўл узатди кулимсираганча.
— Ассалому алайкум, — Наргиза ўзини хотиржам тутишга қанчалик уринмасин, ҳаяжонини яширолмасди. — Яхшимисиз?
— Рахмат, — Мақсуд унинг безовталигини дарров пайқади. — Ўзингиз қандайсиз? Бугун бошқачароқсиз?
— Йўқ, нега... — Наргиза гапни нимадан бошлашни билолмай ўйланиб қолди. Кейин шундайича айтишни лозим кўрди. — Мен ҳам сизга ўхшаб чет элда ўқийдиган бўлдим...
Мақсуднинг ранг-рўйи бирпасда ўзгариб, қизга анқайиб қараб қолди.
— Нималар деяпсиз? Тушунтириброқ гапиринг!
— Айтяпман-у, — кулди Наргиза унинг ҳолатини ўзича тушуниб, - хорижда ўқишга грант ютволдим. Бошида ўзим ҳам ишонмагандим. Лекин элчихонадан телефон қилиб айтишгандан кейин ишонмасликнинг иложи йўқ.
— Қаёққа кетмоқчисиз? Менга бу ҳақда ҳеч нарса демагандингиз-ку, — синовчан тикилди йигит. — Элчихонага ариза беришга қачон улгурдингиз?
— Қишда топшириб қўйгандим, — соддадиллик билан жавоб берди қиз, — жавоби энди чиқибди. Тўғриси, ўзим ҳам ишонмагандим ўтишимга. Қўнғироқ қилишганда умуман довдираб қолдим. Нима дейишимниям билмайман, кўрсангиз. Эшитишим билан сизга қўнғироқ қилдим. Ҳали уйдагиларга ҳам айтганим йўқ...
— Хўш, қандай қарорга келдингиз? — бетоқатланиб сўради Мақсуд.
— Қанақа қарор? — ажабланди Наргиза. — Нимани айтяпсиз?
— Сиз нимани гапиряпсиз? — кескин гапирди йигит. — Чет элга кетмоқчимисиз?
Наргиза тамом ҳайрон бўлиб қолди. Максуднинг гап оҳангидан бу янгилик унга ёқмаганини сезиш қийин эмасди. Қарашларида норозилик бор. Кўзлари ғазабли боқади кишига. У бундай муносабатга дуч келишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Шунинг учунми, нима дейишини билмай бирпас довдираб туриб қолди. Кейин бирмунча ўзини босиб, иложи борича хотиржам оҳангда гапиришга уринди: — Албатта. Шундай имкониятни қўлдан чиқариб бўлармиди?
— Имконият?! — Мақсуд заҳарханда билан кулди. — Демак, бу сиз учун имконият-а? Қанақа имконият? Хорижда ўқишгами?!
Йигитнинг мазахомуз гаплари қизнинг ҳамиятига тегди. Унга таънали қараб:
— Ҳа! — деди.
Мақсуд уфлаб юборди.
— Чет элда ўқиган билан бир нарсали бўлиб қолармиди одам ё шу билан келажаги таъминланиб қолармиди? Яхши иш тополмаса, қаерда ўқигани бир пул одамнинг, агар билсангиз. Ҳатто мен ҳам бир йилдан бери Кореяда ўқиётган бўлсамам, эртага зўр ишга кираман, деб айтолмайман.
— Бу гапга бунинг нима алоқаси бор? — асабийлаша бошлади Наргиза. — Мен хорижга зўр иш топаман ёки бир нарсага эришаман дебмас, ўқишга бормоқчиман. Келажакни эса... ҳаёт кўрсатади. Хорижда ўқиётганлар камми? Нечта курсдошим кетди. Мен ҳам уларга ҳавас қилиб, суҳбатдан ўтгандим. Мана, менгаям Худойим насиб қилган экан. Тажрибамни ошириб қайтаман.
— Уйдагиларингиз қўйиб юборишадими? — кулиб сўради Мақсуд «йўқ» деган жавоб эшитишига умид қилиб.
— Уйимдагилар, — урғу бериб гапирди Наргиза асабийлашганидан титраб, — мени, менинг мақсадимни, орзуларимни тушунишади, ҳурмат қилишади. Шунинг учун қаршилик қилмасликларига ишончим комил. Ишончим комил бўлмаганда, ўзимни бекорга умидвор қилиб юрмасдим. Қолаверса, ойим натижаларни кутаётганимни биладилар.
— Хм... — Мақсуднинг кўзларида бояги ғазабли ифода йўқолмади. — Демак, ота-онангиз ҳам рози кетишингизга. Йўлингизда ҳеч қандай ғов йўқ. Ҳаммаси ҳал!.. — У қизга совуқ тикилиб, зардали оҳангда гапирди. — Унда бу янгиликни менга айтиб нима қиласиз? Аллақачон қарор қабул қилиб бўлгансиз-ку!
Наргиза тахта бўлиб қолди. Йигитнинг гаплари шунчалик совуқ эшитилдики, «Нима қиласан менинг бошимни қотириб? Қаёққа кетсанг, кетавермайсанми?» дегандек туйилди. У гапиролмай, гап тополмай тураркан, Мақсуд тоқатсизланиб у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. — Мен кетдим бўлмаса... — деди йигит ниҳоят.
Наргиза унга нажот кутгандай умидвор, илтижоли термулди. Мақсуд кўзларини олиб қочди.
— Кетишим керак, — деди у боягидан ҳам совуқ, зардали оҳангда. — Ишим тиқилиб ётибди. Каникулда ҳамма таниш-билишларни кўриб улгуришим керак. Кейинги йилгача йўқ бўлиб кетаман-ку шу билан. Ҳаммасининг дийдорига тўйиб қолмасам бўлмайди.
Наргиза индамади. Назарида, унинг неча йилдан бери биладиган, гапларини доим эътибор ва меҳр билан тинглайдиган, энг ишончли ҳамроз деб ўйлаган одами бир лаҳзада бегонага айланганди. Кўзларидаги меҳр ўрнини ғазаб, эътиборни асабийлик, ширинсуханликни зарда эгаллаганди.
— Майли... — деди у худди шундай совук оҳангда гапиришга уриниб, гарчи бу йигитдан бутунлай айрилаётганини, ўрталаридаги ришта бутунлай узилаётганини, бу учрашув сўнггиси бўлиб қолишини сезиб турса-да. — Яхши боринг...
Мақсуд иккиланаётгандек бирпас тайсалланиб турди. Сўнг қизга охирги марта иддаоли қаради-да, шарт бурилиб шахдам-шахдам юриб кетди.
Наргиза унинг кетидан қараб қоларкан, кўнглидан: «Мен учун, севгимиз учун қолгин, деганингизда қолардим. Аммо сиз бу қурбонликни қабул қилиш тугул сўрашга ҳам тайёр эмассиз...” деган уйлар утди...
Manba: www.ListenMp3.ucoz.ru sayti
|